Саудия Арабистони Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳаж ибодати олдидан зарур тавсиялар берди
Саудия Арабистони Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан ҳаж ибодати мукаммал адо этилиши ва мавсум давомида турли эпидемияларнинг олдини олиш мақсадида ҳожиларга, шунингдек, умра зиёратчиларига овқатланиш, дори-дармонлар истеъмол қилиш ва ўз вақтида дам олишлари бўйича муайян тавсиялар берилди. Бу ҳақда Ўзбекистон мусулмонлари идораси ахборот хизмати хабар тарқатган.
Хабар қилинишишича, Саудия ҳукумати алоҳида эътибор бераётган масалалардан асосийси - Эбола касаллиги ва нафас йўллари синдроми (MERS) хасталиги Яқин Шарқ формасининг олдини олишдан иборат.
Хусусан, ҳожиларнинг овқатланиши умумий рухсат билан ташкил этилган, санитария-гигиена талабларига жавоб берадиган махсус жойларда ташкил этилиши лозим.
Шубҳали таомларни, хусусан, хом тухумни истеъмол қилиш мумкин эмас. Меҳмонхонада тайёр таом зарурат туғилганида, фақат совутгичларда сақланиши зарур.
Қандли диабет хасталиги бор ҳожиларга қанд миқдори пасайиб кетиши оқибатида юз бериши мумкин бўлган чарчоқ хуружи, бош айланиш каби кўнгилсиз ҳолатлар олдини олиш мақсадида ўзлари билан қанд, ширинлик ёки бошқа ўзларига мос воситаларни олиб юриш, ўз вақтида дам олиш, дори-дармонлар ва оватларини вақтида истеъмол қилиш, кўпроқ суюқлик ичиш тавсия этилади.
Буйрак касаллиги бор кишилар сафар олдидан шифокорга мурожаат қилишлари, шифохонада барвақт ётиб профилактик муолажа олишлари, сафар давомида офтоб тиғидан ўзини эҳтиёт қилишлари, белгиланган парҳезга риоя қилишлари тавсия этилади.
Қон босими ва юрак-қон томир хасталиклари бор кишиларга меъёридан оз туз солинган таом истеъмол қилиш, ёғли ва консерваланган озиқ-овқатларни истеъмол қилишдан тийилиш, жисмоний катта куч талаб қиладиган ишлардан ўзини эҳтиёт қилиш, кофе, аччиқ чой ичиш ва тамаки маҳсулотлари чекишдан ўзини тийиш тавсия этилади.
Вазирлик сурункали касаллиги бор кишиларга муборак сафар давомида бу ҳақда гуруҳ раҳбари ва шифокорларга маълум қилиб қўйиш, ўзлари билан шахсий медицина карталари нусхасини олишлари зарур деб таъкидлайди.
Эслатиб ўтамиз, навбатдаги мавсумда Ўзбекистондан 5200 киши Ҳаж ибодатини адо этади.