Жаҳон | 08:09 / 27.04.2016
1603
2 дақиқада ўқилади

Трамп Сандерсга президентлик сайловларида мустақил номзод бўлишни тавсия қилди

АҚШ президенти лавозимига Республикачилар партиясидан номзод Дональд Трамп рақиб Демократлар партияси номзоди Берни Сандерсга ачиниб, унга сайловларда мустақил номзод сифатида иштирок этишни тавсия қилди. Трамп бу ҳақда твиттерида ёзди.

"Демократлар Берни Сандерс билан ёмон муомалада бўлишмоқда – делегатлар борасида ҳам, бошқа масалаларда ҳам. У бундайларга нималарга қодирлигини кўрсатиб қўйиши, мустақил номзод сифатида олға бориши керак", деб ёзган Трамп.

26 апрель ҳолатига кўра, демократлардан президентлик сайловларида иштирок этиш учун Ҳиллари Клинтон етакчилик қилмоқда. Клинтон 1944 делегатнинг, Сандерс эса 1175 делегатнинг овозига умид қилиши мумкин. Номзоднинг кафолатланган ўтиши учун 2383 овоз йиғиш зарур.

Трамп ҳамон республикачи номзодлар орасида етакчилик қилмоқда. Бироқ унинг партиядошлари уларнинг фикрича йўл қўйиб бўлмайдиган сиёсий позицияни эгаллаётган Трампга қарши чиқмоқдалар.

Аввалроқ ўнлаб республикачилар Трампга қарши туришга тайёрликлари билдирилган очиқ мактуб чоп этишганди. Улардан баъзилари ҳаттоки рақиб партия вакили, яъни Клинтонга овоз бериш истагини билдиришган.

25 апрелда Трампнинг партия бўйича асосий рақиблари – сенатор Тед Круз ва Оҳайо губернатори Жон Кейсик Трампга қарши ҳамкорлик қилишга келишиб олганларини маълум қилишганди.