Жаҳон | 08:21 / 27.04.2016
1685
2 дақиқада ўқилади

Восточний космодромидан биринчи ракета парвози бир кунга қолдирилди

Россиядаги янги Восточний космодромидан "Союз-2.1а" ракета-ташувчисининг парвози бир кунга сурилди. Бу ҳақда "Роскосмос" давлат корпорацияси маълум қилди, деб хабар бермоқда ТАСС ахборот агентлиги. Маълум қилинишича, парвоз техник сабаблар кўра қолдирилган.

Ракета орбитага "Ломоносов", "Аист-2Д" коинот қурилмалари ва SamSat-218 нанойўлдошини олиб чиқиши керак эди.

Бу парвоз космодромдан амалга ошириладиган илк парвоз бўлиб, у 27 апрель Москва вақти билан соат 05:01 га (Тошкент вақти билан 07:01) белгиланган эди.

Режалаштирилган парвоздан бир неча соат аввал космодромга Россия бош вазири ўринбосари Дмитрий Рогозин ва "Роскосмос" раҳбарияти етиб келди. Айнан Рогозин янги лавозимга тайинлангандан кейин космодром қурилишини назорат қилган.

Россиянинг биринчи фуқаролик космодроми 700 квадрат километрлик майдонни эгаллайди ҳамда 2007 йилда фойдаланишдан чиқарилган Свободний космодроми яқинида жойлашган.

Космодром парвоз майдонлари ва ракеталарни учиришга бевосита алоқадор бўлган инфратузилмани ўз ичига олади. Космодромда аэродром учун майдон кўзда тутилган, фазогирларни тайёрлаш учун объектлар, иккита завод (водород ва кислород-азот ишлаб чиқарувчи) ва бошқа кўплаб иншоотлар барпо этилмоқда. Космодром яқинида Углегорск посёлкаси негизида Циолковский фанлар шаҳри бунёд эитлмоқда, унинг аҳолиси 2018 йилга келиб 25 минг кишига етиши керак.

2015 йил 14 октябрда Владимир Путин космодромдан амалга оширилиши керак бўлган парвозни 2015 йил 25 декабридан 2016 йил баҳорига кўчирганди. Путин бунга сабаб сифатида коинот соҳасида хатоларга йўл қўйиб бўлмаслиги, шунинг учун барча қурилиш ва созлаш ишларини тегишлича якунлаш кераклигини айтган.