Зинедин Зидан: «Жавоб учрашуви олдидан имкониятлар 50га 50»
«Реал» жамоаси бош мураббийи Зинедин Зидан ЕЧЛнинг ярим финалида «Манчестер Сити»га қарши кечган учрашувдан кейин фикрларини билдириб ўтди.
«Роналду машғулот вақтида жароҳатини янгилаб олди ва биз таваккал қилишни истамадик. Умид қиламанки, у жавоб учрашувигача тайёр бўлади.
Бенземада ҳам жароҳат бор, у майдонда ўйин охиргача қолмоқчи эди. Лекин мен танаффусда уни алмаштиришга қарор қилдим, унинг ҳолати қай даражада экани кейинроқ маълум бўлади.
Барча футболчилар ўзларининг жамоа учун қай даражада муҳим эканликларини билишади. Бизда Бензема ва Роналду йўқ экан, улар майдонга чиқиб, ўз ўйинларини кўрсатишади.
Сафардаги дуранг – яхши натижа. Биз кураш олиб бордик, ўйин қийин кечди. Ҳужум қилиш билан биргаликда биз жуда яхши ҳимояландик. Иккинчи таймдаги ҳаракатларни яхшироқ баҳолайман.
Асосийси биз жавоб ўйини олдидан катта муаммога дуч келмадик. Бу ўйинда юта олмаганимиздан бироз ранжидим. Жавоб учрашуви олдидан икки жамоанинг имкониятлари тенг, яъни 50га 50. Энди биз дам олишимиз, куч тўплашимиз керак. Жавоб ўйини ҳам қийин кечиши тайин», – дейди Зидан.