Жамият | 21:07 / 28.04.2016
4650
2 дақиқада ўқилади

“Шум бола – 2016” болалар ва ёшлар учун III ўзбек ва немис кинолари фестивали бошланди

Тошкент шаҳридаги Алишер Навоий номидаги кино саройида “Шум бола – 2016” болалар ва ёшлар учун III ўзбек ва немис кинолари фестивали бошланди. Бу ҳақда «ЎзА» хабар бермоқда.

Ўзбекистонда учинчи маротаба ўтказилаётган «Шум бола» фестивали Германиянинг «Schlingel» болалар ва ўсмирлар учун фильмлар халқаро фестивали дирекцияси билан ҳамкорликда ташкил этилмоқда.

Тошкент ва Фарғона шаҳарларида ташкил этиладиган «Шум бола – 2016» кино байрамида немис киноижодкорларининг болалар учун суратга олган энг сара саккизта фильми ёш томошабинлар эътиборига ҳавола этилади. Ҳар бир намойиш олдидан ўзбек кинематографларининг «Широқ ҳақида афсона», «Жасур типратикан», «Айиқча», «Очкўз хўрозча», «Донишқишлоқ ҳангомалари», «Куч – бирликда», «Бор барака», «Соҳибжамол қўғирчоқ», «Оқ товуқ», «Сариштали уй – фариштали уй» каби анимацион фильмлари болаларга тақдим этилади.

«Шум бола» фестивали доирасидаги картиналар намойиши 1 майга қадар Тошкентдаги Алишер Навоий номидаги кино саройи ҳамда 3-5 май кунлари Фарғона шаҳридаги театр ва концерт саройи, санъат коллежида бўлиб ўтади.

Фестиваль ўзбек анимацион фильм ижодкорларининг «Бор барака» мультфильми ҳамда германиялик киночиларнинг «Қарсилдоқ ва сичқонлар қироли» бадиий фильми намойиши билан бошланди.