Жамият | 21:34 / 28.04.2016
2378
2 дақиқада ўқилади

Американинг Comcast компанияси DreamWorks'ни 3,8 миллиард долларга сотиб олмоқда

АҚШнинг йирик медиа компанияси ҳисобланмиш Comcast тўлиқметражли анимацион фильмлар ишлаб чиқарувчи DreamWorks Animation киностудиясини 3,8 миллиард долларга сотиб олаётгани ҳақида маълум қилди. DreamWorks “Шрек", "Мадагаскар", "Кунг-фу панда" ва бошқа бир қатор машҳур мультфильмларни суратга олган.

NBC Universal компаниясининг бош раҳбари Стив Бэрк хабар беришича, келишилган шартнома натижасида яқин кунларда кинофильмлар ва теледастурлар ишлаб чиқаришни янада ривожлантириш, янги кўнгилочар боғлар очиш ва истеъмолчиларга янги маҳсулотлар тақдим этиш имкони пайдо бўлади. Компания пресс-релизида қайд этилишича, мазкур битим кескин рақобат мавжуд бўлган болалар ва кўнгилочар дастурлар майдонида янги аудитория кашф этилишига ёрдам беради.

Битим шартларига мувофиқ, DreamWorks акционерлари акция учун 41 доллардан маблағ олишади.

Шартнома икки компания директорлар кенгаши томонидан тасдиқланган бўлиб, АҚШ ва бошқа мамлакатларда монополия қонунчилигини кузатиш бўйича назорат билан шуғулланувчи идоралар томонидан тасдиқлангандан сўнг йил охиригача тўхтатиб турилиши кузатилмоқда.