Эрон мудофаа вазирлиги: АҚШнинг Сурияга 250 нафар ҳарбийсини жўнатиши агрессия ҳисобланади
Эрон мудофаа вазири Ҳусайн Деҳқон RT телеканалига берган интервьюсида баёнот беришича, Америка махсус бўлинмаларининг 250 нафар аскарларини Сурияга сафарбар этиш, халқаро хуқуқ меъёрларини бузиш ва агрессия акти ҳисобланади.
"Бизнинг фикримизча, бу халқаро ҳуқуқ меъёрларига зид келади ва мамлакат ички ишларига аралашиш ҳисобланади. Америкаликларни у ерга ким таклиф қилди? Уларнинг мақсади нима?" — деб савол билан мурожаат қилган Эрон мудофаа вазири.
Деҳқоннинг қайд этишича, расмий Теҳрон Дамашққа маслаҳатлар бериб, ҳарбийларини ўқитишда ёрдам бермоқда. Унинг қўшимча қилишича, Эрон Сурия ҳукумати мурожаат қилган тақдирда ҳар қандай ёрдам кўрсатишга тайёр.
Шу билан бирга, терроризмга қарши курашни сулҳ имзоланган вақтда ҳам тўхтатиб бўлмайди. Рақибнинг қайта шаклланиши ва молиявий кўмак олишига йўл қўймаслик учун ҳам шундай қилиш керак, деган Ҳусайн Деҳқон.
25 апрель куни АҚШ президенти Барак Обама, Вашингтон Сурияга 250 нафар ҳарбий хизматчисини юборишини айтган эди. Уларнинг вазифаси, Пентагон маъмурияти уқдиришича, террорчиларга қарши курашишда маҳаллий жангчиларни тайёрлашдан иборат бўлади.