Жамият | 19:21 / 28.04.2016
6375
2 дақиқада ўқилади

Илк марта масофавий илмий-амалий конференция ўтказилмоқда

Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университети ҳузуридаги “Ўзбекистонда хорижий тиллар” электрон журнал ва интернет портали томонидан “Узлуксиз таълим тизимида хорижий тилларни ўқитишнинг янги тенденциялари: реал амалиёт ва ривожланиш стратегиялари” мавзусидаги масофавий илмий-амалий конференциянинг очилишига бағишланган матбуот анжумани ўтказилди. 

Эътиборли жиҳати, бутунлай янгича шаклда, ахборот-коммуникация технологиялари имкониятларидан кенг фойдаланган ҳолда ташкил этилган бундай тадбирни ўтказиш амалиёти республикамизда илк маротаба кузатилди.

Онлайн анжуман 27 апрелидан 12 майгача қадар 15 кун давомида www.conference.fledu.uz сайтида олиб борилади. Шунингдек, унда ЎзДЖТУ халқаро журналистика факультети талабалари иштирокида ахборий характерга эга университет ҳаётига оид лавҳаларни, жараёнларни ёритувчи information stream ташкил этилди.

Анжуманда чет тилларни ўқитиш назарияси ва методикаси билан боғлиқ 4та секция (шўъба) фаолият кўрсатади.

Илмий маърузалар икки хил: видео ва матн (стенд) кўринишида тақдим этилди. Биринчи кўринишда ўқувчи мақола аннотациясини ўқиб, унинг видео шаклини кўриши, иккинчисида эса маърузанинг тўлиқ матнини ўқиб, унга муносабат билдириши, изоҳ қолдириши ёки мақола муаллифига савол бериши мумкин.