Жаҳон | 11:09 / 28.04.2016
1838
2 дақиқада ўқилади

NYT: АҚШ президенти лавозимига номзод ўз штабининг юзлаб ходимларини бўшатмоқда

АҚШ президенти лавозимига номзод Берни Сандерс ўзининг сайлов штаби ходимларининг бир неча юзлаб ходимларини бўшатиб юбормоқчи. У бу ҳақда The New York Times газетасига берган интервьюсида маълум қилди.

Сенаторнинг айтишича, бу бўшатишлар президентлик пойгаси доирасида демократларнинг праймеризлари ўтган штатлардаги юзлаб ходимларга тааллуқли бўлади.

"Бизга бутун мамлакат бўйлаб ишчилар бошқа керакмас. Бизга Коннектикутда ҳеч ким керакмас. У ерда сайловлар ўтди. Бизга Мэрилендда ҳам ходимлар керакмас. Шунинг учун биз қолган ишчиларимизни овоз бериш ҳали ўтмаган 14 та участка бўйича тақсимламоқчимиз", деб тушунтирди ўз қарорини Сандерс.

Сиёсатчи ўзининг барча кучларини демократ номзодларни танлаш бўйича якунланаётган курашнинг муҳим босқичларига йўналтиради. Биринчи навбатда ташвиқот АҚШнинг энг йирик штати – Калифорнияда кучайтирилади. Бу ерда праймериз 7 июнда бўлиб ўтади. Сандерснинг айтишича, Калифорнияда ғалаба қозониш у учун жуда муҳимдир.

Аввалроқ Сандерс Род-Айленддаги праймеризда ғолиб бўлганди.