Ўзбекистон | 20:02 / 28.04.2016
7755
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонда брокер хизмати ҳуқуқий мақомга эга бўлди

Жорий йил 21 апрелдан кучга кирган Ўзбекистон Республикасининг янги таҳрирдаги Божхона кодекси асосида брокер хизмати ҳуқуқий мақомга эга бўлди. Бу ҳақда “ЎзА” хабар бермоқда.

Кодексда декларант, божхона брокери ва божхона расмийлаштируви бўйича мутахассисларга қўйиладиган талаблар, уларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари батафсил баён этилган. Божхона брокери фаолияти, мазкур фаолиятни амалга ошириш учун рухсатнома олиш талаблари ва шартлари, зарурий ҳужжатлар, божхона расмийлаштируви бўйича мутахассис фаолияти устидан назоратни амалга ошириш тартиби ва бошқа масалаларга аниқлик киритилган.

Тошкент вилояти божхона бошқармасида божхона брокерлари иштирокида ўтказилган амалий семинарда шулар ҳақида сўз юритилди.

Божхона брокерларининг қонунчиликни мукаммал билиши ва амалда тўғри қўллай олиши ташқи иқтисодий фаолият иштирокчилари ишини енгиллаштиради. Ўз навбатида, божхона тизимида хато ва камчиликлар камайишига, божхона тўловларини тўғри ва тўлиқ ундирилишига олиб келади.

Ҳозир вилоятда божхона расмийлаштируви бўйича юздан ортиқ мутахассис фаолият кўрсатмоқда. Улар томонидан жорий йилнинг биринчи чорагида 9,9 мингдан ортиқ божхона юк декларациялари тўлдирилиб, божхона органларига тақдим қилинган.