Ўзбекистонда соғлиқни сақлаш тизимини мустаҳкамлаш учун грант маблағлари тақдим этилади
2016 йилнинг апрель ойида Ўзбекистон Республикаси соғлиқни сақлаш вазирлиги, ЮНИСЕФ ва Жаҳон Соғлиқни сақлаш ташкилоти билан ҳамкорликда Ўзбекистонда болалар ўлими ҳолатларини янада камайтириш мақсадида Эмлаш ва Иммунлаш Глобаль Альянси (ЭИГА) миссиясини қабул қилди.
Айтиш жоизки, Ўзбекистоннинг эмлашни қўллаб-қувватлаш тўғрисидаги сўрови икки йил муқаддам ЭИГА томонидан маъқулланган ва 20,5 млн. АҚШ доллари миқдорида грант маблағлари ажратишга қарор қилинган эди.
ЮНИСЕФ сайтида жойланган хабарга кўра, ушбу грант маблағи 2016 йилнинг иккинчи ярмида ажратилади.
Алъянс томонидан ажратиладиган маблағлар ҳисобига харид қилинадиган янги ускуналар воситасида Ўзбекистонда эмдориларни ишлаб чиқарувчидан то эмланувчигача бўлган жараёнда бир хил шароитда сақлаш имконини берувчи тизим — совуқлик занжири тизими модернизация қилинади. Ушбу ташаббус, вакциналарнинг таъсирчанлиги ва хавфсизлигини таъминлашга катта ҳисса қўшади. Янгиланган тизим, ҳарорат тартибига яхшироқ риоя этиш имконини беради.
2016 йилда Ўзбекистон ҳукумати, соғлиқни сақлаш тизимини мустаҳкамлаш бюджетини тўлдириш мақсадида яна 4,5 млн АҚШ доллар ажратишни сўраб мурожаат қилишни режалаштирган.