Россия буғдой экспорти бўйича дунёда етакчи сифатида қайд этилди
Россия жаҳон бозорига буғдой экспорт қилиш бўйича Канада ва АҚШни ортга қолдирган ҳолда етакчилик мавқеини эгаллади. Бу ҳақда мамлакат қишлоқ хўжалиги вазири Александр Ткачев маълум қилган.
Қишлоқ хўжалиги матбуот хизмати маълум қилишича, жорий қишлоқ хўжалиги йилида (2015 йил 1 июлдан 2016 йилнинг 30 июнига қадар) буғдой экспорти рекорд даражага — 24-25 миллион тоннага етган. Вазирлик вакилларининг таъкидлашича, бундай даражага ўрим-йиғим ҳажмини 4 фоизга ошириш орқали эришилган.
Ткачев жорий йилнинг февраль ойида яқин ўн йилликда мамлакат экспорт қиладиган буғдой ҳажми йилига 50 миллион тоннага етишини айтган эди. 8 февралда АҚШ қишлоқ хўжалиги вазирлиги эълон қилинган прогнозга кўра, Россиядан бўладиган буғдой экспорт ҳажми қишлоқ хўжалиги йилида 23,5 миллион тонна бўлиши айтилган эди.