Боксчи Пакьяо террорчилар таҳдиди туфайли оиласи қўриқланишини кучайтирди
8 та вазн тоифаси бўйича собиқ жаҳон чемпиони, филиппинлик Мэнни Пакьяо террорчилар таҳдиди туфайли оиласи қўриқланишини кучайтирди. Бу ҳақда 28 апрелда боксчининг ўзи маълум қилди. Унинг сўзларини Times LIVE келтириб ўтди.
Филиппин президенти Бенигно Акино "Абу-Саяф" террорчилик гуруҳи жангарилари Мэнни Пакьяо ёки унинг фарзандларидан бирини ўғирлаб кетмоқчи бўлганларини маълум қилди.
"Мен президентнинг айтган сўзларини эшитгач, қаттиқ ташвишлана бошладим. Бундан ҳайрон бўлдим, чунки барча филиппинликларни ўзимнинг дўстларим деб ҳисоблайман. Мен уларнинг барчасини яхши кўраман, айниқса мусулмонларни. Бу хабардан кейин оилам қўриқланишини кучайтирдим", деб айтди боксчи.
4 апрелда номаълум кимса Лос-Анжелесда Пакьяо оиласи ва дўстлари билан япон ресторанидан чиққандан кейин унга ҳужум қилиб қолганди.
Пакьяо 10 апрелда ўзининг фаолиятидаги сўнгги жангида америкалик Тимоти Брэдлини мағлуб этди.
Айни вақтда боксчи май ойида бўлиб ўтадиган Филиппин сенатига сайловларда ўз номзоди билан иштирок этмоқда.