Спорт | 19:48 / 29.04.2016
2306
2 дақиқада ўқилади

Ди Натале 12 йил ўйнаган жамоаси «Удинезе»дан мавсум якунида кетишини маълум қилди

Антонио Ди Натале мавсум якунлангач «Удинезе»ни тарк этиши ҳақида маълум қилган. Аммо, у бутсаларини михга илишга шошилмайди.

Удинеликлар жамоаси сафтида айни вақтда 38 ёшга чиққан бу футболчи 2004 йилдан буён ўйнаб келади. У шу вақтгача жамоа сафида 439 учрашув ўтказган ва 226та гол урган. Ди Натале А Серия тарихидаги тўпурарлар рўйхатида 208 голи билани олтинчи ўринда жойлашган. У тўртинчи ва бешинчи поғонада 216тадан гол муаллифи бўлган ҳолда жойлашган Жузеппе Меацца ва Жозе Альтафинини қувиб ўтиш имкониятига эга.

«Бу менинг ҳаётимдаги энг яхши 12 йил бўлди. Аммо менинг „Удинезе“даги фаолиятим фильмлардаги каби абадий бўлмайди ва мен энди бу ерда бош қаҳрамон эмасман. Мен бошимни тик тутган ҳолда жамоадан кетмоқчиман, жамоа учун қўлимдан келганича ўйнадим. Жамоа учун қилган ишларимдан фахрланишим мумкин. Мен ўйнашни бас қилмоқчи эмасман. Ҳали голлар уриб, Жузеппе Меаццадан ўзиб кетишга ҳаракат қиламан», — дея Ди Наталенинг сўзларини келтиради Football Italia нашри.

Ди Натале Италия терма жамоаси сафида 42та ўйинда иштирок этиб, 11та гол урган. У миллий терма жамоа билан 2012 йилги Европа чемпионатининг кумуш медали совриндори бўлган. Футболчи бутун фаолияти давомида бирон марта ҳам Италия чемпиони бўлмаган.