Ироқ ҳукумати: ИШИД балиқ ва автомобиллар сотиш орқали пул топишни йўлга қўйган
ИШИД жангарилари пул ишлаб топиш учун балиқ ва автомобиллар сотишга ўтган. Бу ҳақла Ироқ суд тизимидаги амалдорлардан бирига асосланиб, Рейтер агентлиги хабар тарқатган.
Ироқ марказий текширувлар бюроси маълумотига кўра, балиқ хўжалиги ва автомобиллар савдоси орқали жангарилар ойига миллионлаб доллар даромад кўрмоқда.
"Ташкилотнинг молиявий қудрати аввалгидек эмас. Ҳукумат қўшинлари бир нечта нефть ҳавзаларини қайтариб олгач, ИШИД ўз ҳарбий амалиётларини молиялаштириш учун ноанъанавий йўлдан борди ва ўз жангариларига тўлаш учун янги йўлдан борди", дейди суд вакили Жаббор Обид ал-Ҳушаймий.
Унинг маълумотига кўра, Ироқдаги юзлаб кўллардаги балиқлар овланмоқда ва ИШИД назоратидаги ҳудудларда қўлга киритилган автомобиллар сотилмоқда.
Шунингдек, қишлоқ хўжалиги соҳасидаги солиқлар оширилган.
26 апрель куни ИШИДга қарши ҳарбий ҳаракатлар бўйича қўмондон ўринбосари, америкалик генерал Питер Гирстен ташкилотда хорижий ёлланма жангарилар учун тўлашга пул қолмаганини маълум қилганди.
Америка махсус хизматлари маълумотига кўра, айни вақтда ИШИД сафида 20 мингдан 25 минггача жангари бор. Ўтган йилги маълумотларда бу рақам 31 минг нафар эди.
Бундан олдинроқ, жаҳон бозорида нефть нархи пастлаши туфайли ИШИДнинг ойлик даромади 30 фоизга қисқаргани ҳақида маълум қилинганди.