Жамият | 15:19 / 29.04.2016
1999
1 дақиқада ўқилади

Париждаги тартибсизликлар туфайли 24 киши ҳибсга олинди

28 апрель куни кечаси Франция пойтахти Париж шаҳрида ҳуқуқ-тартибот ходимларига зўравонлик қилгани ва турли зарарлар етказгани учун 24 киши қўлга олинган. Бу ҳақда 29 апрель куни France-Presse агентлигига таяниб ТАСС хабар берди.

“Маҳаллий вақт билан тунги соат 03:30 (Тошкент вақти билан 29 апрель куни тонгидаги соат 6:30)гача ҳуқуқ-тартибот органлари ходимларига буюмлар отилди. Полициячилар ҳам, намойишчилар ҳам жароҳатлангани қайд этилмаган”, -дейилади полиция хабарида. Агентликка кўра, намойишчилар иккита автомобиль ва иккита мотороллерни ёқиб юборишган. Қўлга олинганларнинг ишлари судда кўриб чиқилади.

Намойишларга ҳукумат томонидан меҳнат кодексига кетма-кет иккинчи ойда ўзгартиришлар киритилгани сабаб бўлмоқда. Елисей саройидагиларнинг таъкидлашича, бу либерал ислоҳотлар иш билан бандликни яхшилаш ва ишсизлик даражасини камайтириш мақсадида амалга оширилмоқда. Бу эса мамлакатнинг кўплаб фуқаролари ўртасида тушунмовчиликларни келтириб чиқармоқда.