Пекинда "ШҲТ майсазори" очилиши маросими ўтказилди
Шанхай ҳамкорлик ташкилотининг Пекин шаҳридаги бош қароргоҳида "ШҲТ майсазори" очилиши маросими бўлиб ўтди.
"ШҲТнинг ям-яшил майсазорида 6та давлат номидан ўтқазилган қарағай дарахтлари осмонга бўй чўзган. Бу ШҲТнинг конструктив ҳамкорлиги ривожланиб келгани ифодасидир", деган ташкилот бош котиби Рашид Алимов.
Унинг сўзларига кўра, абадий яшил тусда турувчи бу дарахтлар ташкилотнинг 15 йиллик фаолиятининг қиёсидир.
Майсазорнинг очилиш маросимида Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Россия, Хитой ва Ўзбекистон вакиллари иштирок этган.
"Қирғизистон, Қозоғистон, Россия, Тожикистон, Хитой ва Ўзбекистон ТИВ делегациялари раҳбарлари жорий йилда 15 ёшга тўлган ташкилотнинг ўсувчи салоҳиятинининг рамзи бўлган дарахтларни ўтқаздилар", дейилади Ўзбекистон ТИВ сайти хабарида.
Ҳозирги пайтда ШҲТ 6та аъзо давлатлар, 6 та кузатувчи давлатлар (Афғонистон, Беларусь, Эрон, Ҳиндистон, Мўғулистон ва Покистон) ва 6та мулоқот бўйича шерикларни (Арманистон, Камбоджа, Непал, Озарбайжон, Туркия ва Шри-Ланка) қамраб олган.