Почеттино «Тоттенҳэм» билан 5 йиллик янги шартнома тузиш бўйича келишувга эришди
«Тоттенҳэм» жамоаси бош мураббийи Маурисио Почеттино клуб билан ҳамкорликни давом эттиришини тасдиқлади.
«Бу қарорга келиш қийин бўлмади. Мухлисларнинг муҳаббатини ва жамоанинг улкан салоҳиятини билар экансан, бу қарор қабул қилиниши табиий эди.
Биз машғулотлар вақтида ажойиб муҳитда бўламиз, ўйлайманки, жамоа келажакда катта ютуқларга эришади. Мен бу лойиҳага катта ишонч билдираман ва шу лойиҳанинг бир қисми сифатида шу ерда қолишни истайман.
Биз ҳали янги шартномани имзоламадик, аммо биз 5 йиллик янги шартнома тузиш бўйича оғзаки келишувга эришганмиз. Уни қачон имзолашимизни сўрайсизми? Балки бугун. Ёки сешанбада. Бу менинг вакилларимга боғлиқ», – дейди Почеттино.
Почеттино жамоа билан 2014 йилда ҳамкорлик бошлаганди. У ўз вақтида «ПСЖ» ва «Эспаньол» жамоаларида футболчилик фаолиятини ўтказган, 2009 йилдан 2012 йилгача «Эспаньол»ни бошқарган, 2013-2014 йилги мавсумда Англиянинг «Саутҳэмптон» жамоасида ишлаганди.
Айни вақтда «Тоттенҳэм» Англия премьер-лигасининг турнир жадвалида 35 турдан кейин 69 очко билан 2-ўринда бормоқда.