Таиландда жазирама туфайли 20дан ортиқ киши вафот этди
Таиландда қайд этилган 40 даражали иссиқ ҳарорат 20дан ортиқ кишининг ўлимига сабаб бўлган. Бу хақда инфекцион хасталикларни назорат қилувчи департаментда маълум қилинган.
Тиббиёт вакиллари маълумотига кўра, 1 мартдан 17 апрелга қадар қироллик ҳудудида 29 ёшдан 72 ёшгача бўлган 21 кишининг иссиқлик туфайли ҳалок бўлгани қайд этилган.
Таиландда апрель ойи одатда иссиқ кечади. Бу йил эса қироллик аҳолиси ҳар йилгидан кўпроқ азият чекмоқда: термометрлар устуни бир неча ҳафтадан буён Цельсий шкаласи бўйича 40 даража иссиқни кўрсатмоқда.
"Айтиш мумкинки, бу йил иссиқ ҳароратнинг давомийлиги бўйича 65 йиллик рекорд янгиланмоқда. Ҳали иссиқ мавсум тугагани йўқ", дейди журналистларга Таиланд метеорология департаменти вакили Сурапонг Сарап.
Унинг сўзларига кўра, энг юқори ҳарорат апрель ойида 44,3 даража кўринишида қайд этилган.
Мамлакат тарихидаги энг иссиқ ҳарорат эса 1960 йилда кузатилган, ўшанда термометр устуни 44,5 даражага етганди.
Синоптиклар май ойининг биринчи ярмида ҳаво илишини прогноз қилишган.
Иқлимшунослар буни «Эл-Ниньо» ҳодисаси билан боғлашмоқда. Бу ҳаво оқими Жанубий-шарқий Осиё мамлакатларига каттагина қурғоқчилик келтирмоқда. Тиббиёт ходимлари соғлиқ учун хавфли бўлган вақтларда ташқарига чиқмасликни тавсия этишмоқда. Энергетиклар эса энергияга танқислик юзага келиши эҳтимолидан огоҳлантиришган. Маҳаллий нашрларда ёзилишича, 26 апрель куни қиролликда бир вақтнинг ўзида электр энергиясига талаб ҳажми 29 минг МВт га етган.
Иссиқдан энг кўп азиятни Бангкок аҳолиси кўрмоқда. Мегаполиснинг шишали ва бетонли уйларида вазият қийинлашган. Шаҳарда иссиқдан жониворларнинг яшаши ҳам қийинлашган. Ҳайвонот боғидаги жониворларга музлатилган маҳсулотлар берилмоқда.