Жамият | 12:03 / 29.04.2016
6976
2 дақиқада ўқилади

Таомларнинг энг яхши фотосуратлари танлови ғолиби эълон қилинди

Куни-кеча таомларни суратга олувчи сураткашлар танлови Pink Lady Food Photographer 2016 ғолиблари номи маълум қилинди.

Марк Бенам исмли фотографнинг сурати танловда 1-ўринни олди. У тақдим қилган суратда пишириқчи хамирни аралаштираётганда ун бўлаклари гўёки портлагандек ҳар қаёққа тарқалаётгани акс этган. Танловнинг 40 ҳаками бу суратни 1-ўринга лойиқ деб топди.

Албатта, танлов ташкилотчилари егуликларни смартфонларга олувчилар учун алоҳида номинация ташкил қилишди. Бу йўналишда британиялик Люси Поуп ранг-баранг болалар тушлиги сурати билан ғолиб бўлди.

Алоҳида мукофот фуд-блогерларга ҳам берилди. Бу мукофотни калмар пайпаслагичлари ва қора макаронларнинг "қоришувини" суратга олган Олимпия Дэвис ютди.

"Энг қаймоғи" номинациясида патнисдаги саккизоёқни муз бўлаклари билан суратга олган чехиялик Петра Новотна ютди.

Танловга ўз ишларини юборган фотографлар нафақат егуликларни, балки уларнинг тайёрланиши жараёнлари суратларини ҳам юборишган. "Байрамлар учун егулик" номинациясида Бангладешдаги катта ошхонанинг суратини юборган Шоэба Фаруки ютди. Суратдаги ошхона пўлат қуювчи заводни ёки нақд "жаҳаннамни" ўзини эслатиб юборади.

Суратлар орасида, шунингдек, яқин орада таомлар билан нима содир бўлиши акс этган суратлар ҳам бўлди. "Ҳосил" йўналишида украиналик Виктория Москаленконинг чўпон ва қўйлар подаси сурати ғолиб бўлди.

Шунингдек, соф санъат тоифасига мансуб суратлар ҳам бўлди. Шундай ишлар орасида Сьюзен Беллнинг "Лосос билан натюрморт" сурати таъкидлаб ўтилди.

Бундан ташқари, танлов ҳакамлар ҳайъати бошқа кўплаб ишларни ҳам муносиб баҳолади. Бу суратларни танлов сайтида кўриш мумкин. Ёқимли иштаҳа!