Жаҳон | 10:29 / 29.04.2016
1988
1 дақиқада ўқилади

Венесуэла парламенти озиқ-овқат вазирини истеъфога жўнатди

Венесуэла парламенти кўплаб аъзолари мамлакатда кескин озиқ-овқат тақчиллиги юзага келгани учун жавобгарликни мамлакатнинг озиқ-овқат вазири Родольфо Марко Торрес зиммасига юклаб, унинг истеъфога чиқарилиши учун овоз бердилар. Бу ҳақда El Impulso нашри хабар бермоқда.

Таъкидланишича, бу қарор лойиҳасига депутатларнинг бешдан уч қисми овоз берган.

Венесуэла миллий ассамблеяси (парламенти) раҳбари Энри Рамос қабул қилинган қарор ҳақида мамлакат президенти Николас Мадурони хабардор қилишга кўрсатма берди.

Марко Торрес парламент томонидан истеъфога кетказилган Мадуро маъмуриятидаги биринчи вазир бўлди.

Аввалроқ Мадуро тегишли тузатма киритиш йўли билан парламент ваколатлари қисқартирилиши мумкинлигини маълум қилганди.