АҚШ президент матбуот котиби ролини ижро этган актриса Оқ уйда журналистларни "лақиллатди"
"Ғарбий қанот" ("Западное крыло") оммабоп сериалида АҚШ президенти матбуот котиби ролини ижро этган актриса Эллисон Женни Оқ уйдаги ҳақиқий матбуот-анжумани вақтида пайдо бўлди, деб хабар бермоқда РИА “Новости” ахборот агентлиги. Актриса ва АҚШ ҳукумати шу тариқа журналистлар билан ҳазиллашишди.
Журналистлар олдига Обаманинг ҳақиқий матбуот котиби Жош Эрнест чиқиши керак бўлган, бироқ унинг ўрнига Женни чиқиб, Эрнест тишини даволатгани кетгани сабабли матбуот анжуманида иштирок этмаслигини айтган ва йиғилганлардан жой-жойларига ўтиришларини илтимос қилган.
Сўнгра актриса АҚШ президенти Барак Обама Оқ уй мухбирлари билан кечки овқатда ҳар йилги нутқида айтадиган ҳазиллар устида ишлаётганини маълум қилган. Актриса журналистларнинг саволларига жавоб беришга тайёрлигини айтиши биланоқ, залга Эрнестнинг ўзи кириб келган.
"Ё Тангри, кечирасиз, Мен шунчаки шаҳарда эдим ва бундан фойдаланиб қолмоқчи бўлдим, ўзингиз тушунасиз-ку", деб ўзини Эрнест олдида ҳазиломуз тарзда оқлаган актриса.
Сўнгра Женни жиддий оҳангга ўтиб, гиёҳвандликка қарши курашиш ташаббуси ҳақида гапириб берган.