Жаҳон | 19:25 / 30.04.2016
4536
2 дақиқада ўқилади

Француз отасининг Фахрий легион орденини "рус Рэмбоси" оиласига туҳфа қилди

Сурияда ҳалок бўлган россиялик ҳарбий, хориж ОАВи томонидан "рус Рэмбоси" деб таърифланган Александр Прохоренконинг жасорати Франциянинг Агд шаҳрида яшовчи кекса эркакни шунчалик ҳайратлантирдики, у ҳарбийнинг оиласига оилавий ёдгорликни туҳфа қилишга қарор қилди.

80 ёшли Даниэль Кутюр Россиянинг Париждаги элчихонасига унинг отаси фашистларга қарши курашдаги иштироки учун тақдирланган Фахрий легион орденини юборди. 

"Мен Сурияда ўз ҳарбий бурчини бажараётганда умумий эркинлик учун ўз ҳаётини қурбон қилган ёш рус зобитининг хотирасини ёд этмоқчиман. Александр Прохоренко русларни ҳам, французларни ҳам, бошқа давлатлар одамларини ҳам террорчилик хавфидан ҳимоя қилган ва мен унинг яқинларига Францияда уларнинг қайғуларига ҳамдард эканликларини етказиб қўйишни сўрайман", деб мактуб битди Кутюр Россия элчиси Александр Орловга.

Кутюр унинг мамлакати президенти рус зобитини тақдирлаши кераклигини айтди, деб хабар бермоқда ТАСС ахборот агентлиги.

Катта лейтенант Александр Прохоренко 17 мартда Сурияда жанговар вазифани бажараётганда қаҳрамонларча ҳалок бўлган. У террорчилар қуршовида қолганда, уларни йўқ қилиш учун ўзига авиация зарбасини чақиртирган.

Фахрий легион ордени француз миллий ордени ҳисобланиб, 1802 йил 19 майда Наполеон Бонапарт томонидан таъсис этилган. Орден Франциянинг энг олий, фахрий унвони ҳисобланиб, унинг соҳиблари Франция олдидаги алоҳида хизматлари учун тақдирланадилар.