Жаҳон | 11:16 / 30.04.2016
3174
2 дақиқада ўқилади

Хитой 2036 йилгача Ойга фазогирларини юбормоқчи

Хитой 2036 йилгача Ойга фазогирларини юбормоқчи, деб айтди Хитой армияси генерал-лейтенанти, Хитойнинг бошқарилувчи коинот дастури қўмондони ўринбосари Чжан Юй Линь. Бу лойиҳа Хитойдаги биринчи геологик разведка ишлари олиб бориладиган ой дастури бўлади, деб хабар бермоқда China Daily нашри.

Хитой "Ойни тадқиқ қилиш учун кейинги 15-20 йил ичида ўз имкониятларини такомиллаштириши ва қўллаши" зарур бўлади, деб айтди амалдор. Хитой коинот технологиялари академияси илмий ходими Пан Чжи Хаонинг айтишича, ой миссияси учун Хитойда ер атрофидаги орбитага камида 100 тонна юкни олиб чиқа оладиган қудратли ракетани яратиш ва қолган технологияларни такомиллаштириш, жумладан янги скафандр яратиш керак бўлади.

Бу лойиҳа Хитой коинот дастурининг улкан режаларидан биридир. 2017 йилда Ойга тупроқ намуналарини йиғиш учун хитой қурилмаси юборилади. 2018 йилда эса Хитой Ойнинг қоронғу томонига биринчи зондни қўндиришни режалаштирмоқда. 

Шунингдек, Хитой 2020 йилда Марсга ҳам зонд юбормоқчи, бу зонд қизил сайёрага 2021 йилда етиб боради.

Расмий маълумотларга кўра, Хитой коинот дастурига йилига 2 млрд долларга яқин маблағ сарфлайди.