Роналду "Реал" шифокорларидан кўра "Барселона" шифокорларига кўпроқ ишонч билдирмоқда
Мадриднинг "Реал" клуби етакчиси Криштиану Роналду Чемпионлар Лигаси яримфиналининг "Манчестер Сити"га қарши жавоб учрашувигача сафга қайтиш истагида тиззаости пайи жароҳатини даволашда қатъий чораларга бориб, футбол оламини "карахт ҳолга солди".
Sport.es нашрининг маълум қилишича, Роналду жароҳатини тезроқ тузатиш мақсадида "Реал" шифокорлари хизматидан воз кечиб, алоҳида шифокорлар штабини ёллади.
Бундан ташқари, Криштиану ўзи ёллаган шифокорлардан бирига рақиб жамоа "Барселона" шифокорлар штабидан маслаҳат сўрашга ижозат берди. Португалиялик каталониялик шифокорларнинг профессионаллигига ишонгани учун бундай йўл тутишининг тўғрилигига ҳеч шубҳа қилмаяпти.
Роналду 20 апрелда Испания чемпионатида "Вильярреал"га қарши учрашувда жароҳат олганди ва шу сабабли "Манчестер Сити"га қарши Чемпионлар Лигаси яримфиналининг биринчи учрашувини ўтказиб юборишга мажбур бўлди.
Жорий мавсумда Роналду ҳозирга келиб "Реал" сафида 44 та ўйинда 47 та гол урди. "Реал" Чемпионлар Лигасининг чоракфиналида "Вольфсбург"га қарши жавоб учрашувида айнан Роналдунинг хет-трики эвазига яримфинал босқичига чиқа олди.
Эслатиб ўтамиз, Чемпионлар Лигаси яримфиналининг "Реал"-"Манчестер Сити" жавоб учрашуви 4 майда Мадридда бўлиб ўтади.