ТДШИда Республика VIII илмий-назарий конференция бўлиб ўтди
2016 йилнинг 30 апрель кунида Тошкент давлат шарқшунослик институти конференциялар залида "Тарихий манбашунослик, тарихнавислик, тарих тадқиқоти методлари ва методологиясининг долзарб масалалари" мавзуидаги Республика VIII илмий-назарий конференция бўлиб ўтди.
Манбашунослик тарих фанини битмас-туганмас маълумотлар билан таъминласа, тарихнавислик тарихни ўрганиш соҳасида эришилган натижаларни танқидий таҳлил қилган ҳолда тадқиқотлар истиқболини, бошқача қилиб айтганда, фаннинг методологик стратегиясини белгилашга хизмат қилади. ТДШИ Марказий Осиё ҳалқлари тарихи кафедрасида йўлга қўйилган йиллик анъанавий конференциянинг концептуал асослари, мавзу йўналиши, мақсад ва вазифалари ана шу масалаларга бағишлангани билан долзарб ва аҳамиятлидир.
Бугунга қадар етти навбат анжуман ўтказилди ва материалларнинг етти китоби 8-жилдда нашр этилди. Ўтган давр ичида анжуман ўз атрофига юзлаб тарихчи олимларни, манбашунос ва тарихшунос мутахассисларни бирлаштиришга эришди ва даврий йиллик конференция мақомини олди. Булардан ташқари конференция ишида ҳар йили фаннинг эртанги кунига хизмат қилишга бел боғлаган кўплаб талабалар, магистрантлар ва катта илмий ҳодим-изланувчилар фаол қатнашиб келмоқда.
Конференциянинг бу йилги 8-навбати Республикамизнинг етакчи илмий текшириш муассасалари, олий ўқув юртлари, коллеж ва лицейларнинг 70га яқин вакиллари, профессорлар, доцентлар, малакали ўқитувчилар, илмий маърузалар билан қатнашаётган талаба ва магистрантлар иштирокида ўтмоқда. Конференция дастуридан 24 та манбашунослик, 17 та тарихнавислик, 10 га яқин этнология, 15 дан ортиқроқ минтақа тарихининг турли масалаларига бағишланган маърузалар ўрин олди.
Нафосат Зафарова, ТДШИ