Light | 19:55 / 01.05.2016
6583
4 дақиқада ўқилади

Болаликдан воз кечолмайдиганлар офиси

Дунёда шундай ишхона борки, у ерда ишлайдиганларнинг уйга кетгилари келмайди. Шинам офис, пинг-понг, ўйин приставкалари! Ишнинг ўзи эса сафар қилишл билан боғлиқ. Бу Лондондаги Expedia офисидир.

Компания иш қидириш бўйича Glassdoor сайтининг энг яхши иш берувчилар рейтингида биринчи ўринни эгаллади. Бу бежизга эмас: Expedia ходимлар ўзларини бахтли сезишлари учун барча имкониятларни ишга солади. Масалан, бу ерда 12 ойдан ортиқ ишлаганлар учун компания саёҳат учун сарфланадиган 6-10 минг фунт стерлинггача харажатларни ўз ҳисобидан тўлайди.

Офис томида кенг айвон жойлашган бўлиб, бу ерда оқшом зиёфатлари ўтказилади, бир нечта бепул барлар ва суҳбатлашиб ўтириш ҳамда ҳордиқ чиқариш учун майдончалар мавжуд.

Ташқаридан қараганда Expedia офиси Лондондаги бошқа бинолардан мутлақо фарқ қилмайди.

Лекин ичкарида бутунлай бошқача манзарага гувоҳ бўласиз.

Қабулхона деворларига компания ходимларининг таътил давомида олинган суратлари илинган. Ходимлар 14 минг долларгача етувчи бонуслар ҳисобига саёҳат қилиш имкониятига эга бўладилар.

Ичкарида аксарият юқори технологияли компанияларда бўлгани каби пинг-понг ва кикер бор.

Бу ерда Steam ўйин платформаси асосидаги «Формула-1» симуляторлари ҳам ўрнатилган.

Ўйин консолларини ёқтирувчилар Sony Playstation ва Xbox қурилмаларида ўйин ўйнашлари мумкин.

Техник директор Лиз Эстоунинг айтишича, компанияда катта болалар учун ўйин муҳитини яратишга ҳаракат қилинади.

Ходимлар ҳаттоки офис бўйлаб кекс ва ичимликлар тарқатишга мўлжалланган GPS-навигаторли трамвайча ҳам ясашган. Лиз Эстоунинг сўзларига  кўра, унинг ҳамкасблари трамвайча олдига боришга эринишади, шунинг учун унга махсус сенсорлар ўрнатиш устида иш олиб боришмоқда. Шунда трамвай деворларни «кўра» олади ва уни iPhone ёрдамида бошқариш мумкин бўлади.

Офиснинг энг диққатга сазовор томонларидан бири томдаги улкан айвондир.

«Ёз фаслида том устидаги айвонда ўтириш роҳат», — дейди ходимларни танлаш бўйича маслаҳатчи Кон Марни.

«Бир ойда бир марта пайшанба куни биз кеч соат бешдан етти яримгача айвонда йиғиламиз. Бу ер суҳбатлар ўтказиш учун аъло жой», — дейди Марни.

«Бу ерда бир кунда ўн соатлаб ишламайсиз. Истасангиз, пинг-понг ўйнашингиз мумкин. Хаёлингизни бир жойга йиғиш учун айвонда ўтиришингиз мумкин».

Лиз Эстоунинг айтишича, Expediaда жудаям очиқ муҳит ҳукм суради. «Бу ерда аёл ёки эркаклигингизнинг аҳамияти йўқ. Бу ерда ҳар бир кишининг айтган гапига қулоқ солинади, ҳар бир ходим компания равнақига ўз ҳиссасини қўшишга интилади».

Тушлик қилинадиган столлар устига планшетлар ўрнатилган.

Албатта, бу ерда фақатгина ўйин ўйнашмайди. «Менимча, биз халқаро компания бўлганимиз боис энг мураккаб иш тунда ҳам телефон орқали мулоқотлар ўтказишдир», — дейди Марни.

«Мен эрталабки соат бешда ҳам, тунги ўн бирда ҳам телеконференцияларда иштирок этганман ва бу осон эмас. Иккинчи томондан, бу ерда иш вақти чегараланмаган», — дея қўшимча қилади Марни.

Барча мулоқот хоналари ёрқин рангларда ва ҳар бири ўзига хос безатилган.

Техник директор Лиз Эстоу халқаро компанияда ишлаш ҳам ижобий, ҳам салбий тарафларига эга деган фикрда. «Менинг ишимнинг энг ёмон томони – бу соат минтақаларининг ўзгариши. Баъзида сафардан қайтиб келиб эрталабки соат учда уйқуга ётган пайтларим бўлган».