Жаҳон | 17:08 / 02.05.2016
3047
2 дақиқада ўқилади

ШҲТ ва Ҳиндистон терроризмга қарши курашда ҳамкорлик механизмларини ишлаб чиқмоқда

Шанхай ҳамкорлик ташкилотининг минтақавий аксилтеррор тузилмаси ва Ҳиндистон ҳукумати терроризмга қарши курашда биргаликда ҳаракат қилиш бўйича амалий механизмларни ишлаб чиқмоқда, деб хабар қилади РИА Новости агентлиги тузилма матбуот хизматига таянган ҳолда. 

ШҲТ Минтақавий аксилтеррор тузилмаси ижроия қўмитаси директори Евгений Сисоев Ҳиндистон ташқи ишлар вазири ўринбосари Сужат Мехтани ҳинд томони илтимосига кўра қабул қилди, деб хабар қилади матбуот хизмати. 

Тузилма вакилининг билдиришича, ШҲТнинг июнь ойида Тошкентда бўлиб ўтадиган олий даражадаги саммитида, Ҳиндистон ва Покистоннинг ташкилотга аъзо бўлишига оид мажбуриятлари акс этган меморандум имзоланиши режалаштирилган. 

ШҲТга Ўзбекистон, Россия, Хитой, Қозоғистон, Қирғизистон ва Тожикистон киради. Белорусь, Мўғулистон, Ҳиндистон, Эрон, Покистон ва Афғонистон ташкилотда кузатувчи мақомига эга. 2015 йил июлида Ҳиндистон ва Покистонни ташкилотга қабул қилиш жараёнига старт берилганди. Ташкилот раислиги 2015 йилги Уфа саммитидан сўнг, Россиядан Ўзбекистонга ўтган эди. ШҲТнинг 2016 йилги анжумани 23-24 июнь кунлари Тошкентда бўлиб ўтади. Унинг минтақавий аксилтеррор тузилмаси бош қароргоҳи Тошкент шаҳрида жойлашган.