Тошкентда «Ўлмас полк» акцияси ўтказилиши режалаштирилмаган
Қатор оммавий ахборот воситалари томонидан ўтказилиши эълон қилинган «Ўлмас полк» («Бессмертный полк») акцияси 9 май куни Тошкентда режалаштирилаётган тадбирлар рўйхатида йўқ. Бу ҳақда Тошкент шаҳар ҳокимлигининг ахборот хизмати хабар берди.
«9-майнинг „Хотира ва қадрлаш куни“ сифатида нишонланишида катта рамзий маъно бор. Ушбу сана нафақат юрт тинчлиги, балки бутун дунёда тинчлик ва барқарорлик ишига ҳисса қўшган минглаб ватандошларимиз хотирасига ҳурмат бажо келтириш билан бирга, меҳр ва мурувватга муҳтож бўлган кишиларни йўқлаб қўйиш, уларнинг ёлғиз эмаслиги, доимо эътиборда эканлигини яна бир бор ҳис этишларини таъминлаш куни сифатида қалбимиздан жой олган санадир. Шу маънода, ушбу кунни муносиб ўтказиш юзасидан пойтахт ҳокимлиги ҳам бир қатор тадбирларни ташкил этишни режалаштирмоқда. Жумладан, ҳар бир туман ҳокимлиги ўз ҳудудида ушбу санани муносиб нишонлаш бўйича аниқ тадбирларни белгилаб олган», — дейилади хабарда.
«15 апрелидан то 15 май кунигача давом этадиган тадбирлардан 1941-1945 йиллардаги уруш иштирокчиларининг уйларига ташриф буюриб, уларнинг ҳолидан хабар олиш, уларга совғалар улашиш, уй-жой шароитларини ўрганиб, зарур чоралар кўриш, байрам билан қутлаш ишлари алоҳида ўрин олган. Жойларда маданият, санъат ва спорт, адабиёт соҳаларининг донгдор вакиллари иштирокида учрашувлар, концерт дастурлари ташкил этилади», — дея таъкидлади ахборот хизмати.
Ҳар йили таълим муассасаларида ўтказиладиган «Авлодлар учрашуви», «Эъзоз», «Эҳтиром» каби тадбирларга жорий йилда «Тинчлик дарси» қўшилади. Ушбу дарсларда «Тинчлик — улуғ неъмат» деб номланган ҳужжатли фильм намойиши, тинчликнинг қадрига етиш, уни асраб-авайлаш ҳар бир фуқаронинг бурчи эканлиги мавзусидаги маърузалар талаба ва ўқувчи ёшлар эътиборига ҳавола қилинади.
«Айни ёшларнинг уруш фахрийлари, фронт ортида меҳнат қилган нуроний отахон ва онахонлар ҳузурига ташриф буюриб, бир томондан, уларнинг ҳолидан хабар олишлари, иккинчи томондан, уларнинг хотираларидан баҳрамад бўлишларига қаратилган „Табрик“ тадбирлари бу кунларнинг қадрига етишда ёш авлод қалбида катта ўрин тутиши шубҳасиз», — дейилади хабарда.
Талаба ва ўқувчи ёшлар, шунингдек, Хотира ва қадрлаш майдони, Ўзбекистон давлат тарихи музейи, Қуролли кучлар музейи ҳамда «Шаҳидлар хотираси» майдонларига саёҳатлари мўлжалланган.
«Ҳар бир мамлакат 9 май санасини ўзига хос тарзда нишонлайди. Ўзбекистон халқи бу кунни тинчлик учун, шу дориломон кунлар учун курашганлар, бу йўлда ўз жонини фидо этганлар хотирасига эҳтиром кўрсатиш билан бирга, нафақат меҳр-мурувватга муҳтож, балки ҳар бир юртдош, ватандошининг қадр-қиммати, ҳурматини жойига қўйишдек мақсадни ўзида мужассам этган табаррук кун сифатида нишонлайди. Бу халқимизнинг бошқаларга ўхшамайдиган, ўзига хос ва бетакрор хислатларининг яна бир намойиши бўлса, ажабмас», — дейилади пойтахт ҳокимлиги ахборот хизмати хабарида.