"Зенит" мухлислари ЦСКАнинг қора танли футболчиси жароҳат олганида "Негрни ўлдиришди" қўшиғини куйлашди
"Зенит" жамоаси мухлислари Россия Кубоги финалида ЦСКА жамоаси ҳужумчиси Аарон Оланарега ёмон муносабатда бўлишди.
Нигериялик 21 ёшли футболчи ўйиннинг 34-дақиқасида Аксел Витсел билан тўқнашувда жароҳат олгач, бу ҳодисага нисбатан "Зенит" мухлислари "Запрещенные барабанщики" гуруҳининг "Негрни ўлдиришди" қўшиғини куйлашди.
Жароҳат олган футболчи ўйинни давом эттиришга қарор қилди ва тиззаси боғланган ҳолда ўйнаб, 37-дақиқада гол урди ва ҳисобни тенглаштирди. У голини сальто отиб нишонлади.
Лекин шундан 2 дақиқа ўтиб, "Зенит"нинг бошқа футболчиси Доменик Кришито билан тўп учун кураш вақтида оёғини хато ташлади ва жароҳат туфайли майдонни тарк этишга мажбур бўлди. Унинг ўрнини Кирилл Панченко эгаллади.
Оланаренинг тизза қопқаси чиқиб кетган бўлиши мумкин. Шунингдек, унинг бўғимларида шикастланиш қайд этилиши мумкин.
Оланаре қишки трансферлар вақтида Хитойнинг "Гуанчжоу Фули" жамоасидан ижарага олинганди.