Франция: ЕИ ва АҚШ ўртасидаги савдо музокаралари барбод бўлиши мумкин
Франция ташқи савдо департаменти давлат котиби Маттиас Феклнинг Europe 1 радиосига берган интервьюсида берган баёнотига кўра, ЕИ ва АҚШ ўртасида Трансатлантика эркин савдо ҳудуди барпо этиш бўйича музокаралар барбод бўлиш ёқасида турибди.
Унинг сўзларига биноан, «АҚШ ўз қарашини қаттиқ ҳимоя қилаётгани сабаб шундай бўлиши эҳтимол».
Феклнинг изоҳ беришича, музокараларда Европа ва Америка бир хил мақомда эмас. «Европа кўп таклиф ва ён бераётганига муносиб жавоб олаётганига йўқ. Бунга йўл қўйиб бўлмайди», — деб қайд этган Фекль. У шунингдек, «Париж музокараларни тўхтатишни талаб қилаётган»ини билдирган.
Айни кўринишдаги ҳужжатни Франция қабул қила олмаслигини айтган бош котиб, «расмий Вашингтон билан умумий тил топиш учун» Париж ҳукумати шартларини маълум қилган.
«Франция кичик ва ўрта бизнеси вакиллари ҳам Америка бозорига кириш имкониятига эга бўлишлари керак. Бундан ташқари, маҳаллий қишлоқ хўжалиги ва ишлаб чиқарувчиларимизни ҳимоя қилишни хоҳлаймиз», — деб қайд этган Маттиас Фекль.
2 май куни Greenpeace экологик ташкилоти немис матбуоти воситасида АҚШ-ЕИ ўртасида савдо ва инвестициялар соҳасида ҳамкорлик тўғрисидаги Трансатлантик келишуви (TTIP)га оид музокаралар билан боғлиқ махфий ҳужжатларни ошкор қилган эди.
Мазкур ҳужжатларга мувофиқ, АҚШ маъмурияти агар ЕИ Америка қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари импортига жорий этган тарифларини юмшатмаса, Европа автомобилларининг экспортини сезиларли мураккаблаштириш билан таҳдид қилган. Бундан ташқари, расмий Вашингтон ЕИнинг ирсий ўзгартирилган озиқ-овқатларга бўлган тақиқни бекор қилишга эришиш ниятида.