Иқтисодиёт | 07:49 / 03.05.2016
3592
2 дақиқада ўқилади

Мексикалик муҳожирларнинг ватанларига юборган пул жўнатмалари ҳажми 6 млрд доллардан ошди

Хорижда яшаб, ишлайдиган мексикаликларнинг жорий йилнинг 1-чорагида ватанларидаги яқинларига юборган пул жўнатмалари ҳажми 6,21 млрд долларни ташкил қилди. Бундай маълумотларни Менксика банки келтирди. Банк маълумотларига кўра, бу кўрсаткич ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 8,6 фоизга ошган.

Пул жўнатмалари билан боғлиқ операцияларнинг катта қисми электрон жўнатмалар ҳисобига тўғри келган. Бундай йўл билан Мексикага 6,08 млрд доллар жўнатилган. Почта пул жўнатмалари ҳисобига 43,3 млн долларгина тўғри келган ва бир йил аввалгидан 39,7 фоиз камроқни ташкил қилган. Пул жўнатмасининг ўртача миқдори 293 долларни ташкил қилган. 

АҚШда 12 млн га яқин мексикалик фуқаро яшаб, ишлайди. Уларнинг катта қисми қурилиш, хизматлар кўрсатиш ва қишлоқ хўжалиги соҳаларида фаолият юритади. Мексика ташқи ишлар вазирлиги маълумотларига кўра, АҚШда 33,5 млн га яқин мексика миллатига мансуб одам яшайди, уларнинг АҚШ иқтисодиётига қўшаётган ҳиссаси ялпи ички маҳсулотнинг 8 фоизга яқинини ташкил қилади.