Жаҳон | 18:08 / 03.05.2016
13622
2 дақиқада ўқилади

Туркия парламентидаги мунозаралар ур-тўполон билан якунланди

Туркия Республикаси парламентининг айрим аъзоларини депутатлик дахлсизлигидан маҳрум этиш бўйича муҳокамаси оммавий ур-сурлар билан якунланди.

Ҳукмрон партия ва курдпараст Халқлар демократияси партияси аъзоси ўртасидаги сўз талашувида асаблари таранглашган депутатлар ўзаро муносабатларига мушт воситасида ойдинлик киритиб олишга қарор қилишган. Бу жангга яна 3 нафар парламентарий аралашиб, мажлислар залида сув идишлари отила бошлангач, парламент йиғилишини ярим соатга тўхтатишга тўғри келган. 


Айтиш жоизки, айни масала аввалги муҳокамаларда ҳам шу каби жиддий тортишувларга сабаб бўлган эди. Ўтган сафар комиссия раисининг депутатлар ёрдамчилари ва матбуот ходимларини мажлис залидан чиқариб юбориш тўғрисидаги кўрсатмаси ур-сурларга олиб келган эди. 

Туркия президенти Ражаб Тойиб Эрдўған парламентга мурожаат этиб, мамлакатда фаолияти тақиқланган Курдистон ишчи партияси ва у билан боғлиқ Сурия курдлари ташкилотларини қўллаб-қувватловчи депутатларни дахлсизликдан маҳрум этишга чақирган эди. Шундан сўнг, Туркия адлия вазирлиги парламент муҳокамасига 8 нафар депутатни, жумладан, ХДП ҳамраиси Салоҳиддин Демиртошни дахлсизликдан маҳрум этиш бўйича мурожаатни киритган эди.