Жаҳон | 11:04 / 04.05.2016
3451
2 дақиқада ўқилади

Бразилия прокуратураси тўғон бузилгани учун 44 миллиард доллар миқдорида товон пули талаб қилмоқда

Бразилия федерал прокуратураси ўтган йилнинг ноябрида мамлакатнинг жануби-шарқида рўй берган тўғон бузилишига масъул компанияларга 155 миллиард риал (44 миллиард доллар) миқдоридаги маблағни тўлаш талаби билан даъво иши очди. Бу ҳақида ТАСС хабар берди. 

"Бизнинг нуқтаи-назаримизга кўра, кўрилган чоралар юзага келган вазиятга номувофиқ бўлган, шу сабабли бизнинг судга даъво аризаси ёзишдан ўзга иложимиз қолмади", - деди орган вакили Адерсиу Лейти Сампайю.

Тўғонлар бузилишига жавобгар - Samarco компанияси ва унинг эгалари Бразилиянинг Vale ҳамда Австралиянинг BHP Billiton муассасалари. Прокуратурада аниқлик киритишларича, талаб қилинаётган маблағ "рўй берган ҳодисанинг ижтимоий, иқтисодий ва экологик оқибатлари"ни бартараф этиш мақсадларида сарфланиши кўзда тутилган. 

Бразилиянинг жануби-шарқидаги металлургия саноати чиқиндилари бўлган сувни тутиб турувчи иккита тўғоннинг 2015 йил, 5 ноябрь кунида бузилиши натижасида 19 киши ҳалок бўлди, ўнлаб одамлар ўз уйларини тарк этишга мажбур бўлишди. 

Бундан ташқари, Досе дарёсига  заҳарли чиқиндилар тарқалди, бу дарё маҳаллий аҳоли учун асосий чучук сув  ҳамда балиқчилик саноати манбаи ҳисобланарди. Минтақа экологиясига етказилган зиён ҳали-ҳануз тўлиқ баҳоланмаган. Мутахассисларнинг тахминига кўра, жабр кўрган ҳудудни қайта тиклаш учун 50 йилдан ортиқ вақт керак бўлади. Бразилия президенти Дилма Руссефф ФҲни "мамлакат тарихидаги энг йирик экологик фалокат" деб атади.