Жаҳон | 21:17 / 06.05.2016
4577
2 дақиқада ўқилади

Эрдўған ЕИ билан визанинг бекор қилиниши шартларини танқид қилди

Туркия президенти Ражаб Тойиб Эрдўған Туркия билан визаларнинг бекор қилиниши учун Европа Иттифоқи томонидан билдирилаётган шартларни танқид қилди, деб хабар бермоқда Reuters ахборот агентлиги.

Эрдўған Туркия ҳужумлар хавфи остида қолаётган бир пайтда ЕИнинг Анқарага террорчиликка қарши кураш бўйича қонунни ўзгартириш таклифига кескин норозилигини билдирди.

"Биз ўз йўлимиз билан борамиз, сиз ўз йўлингиз билан боринг", деб айтди Эрдўған ўз нутқида. Унинг бу нутқи барча маҳаллий телеканаллар орқали намойиш қилинди.

Таъкидланишича, бунда Туркия ва ЕИ ўртасида виза тартибини эркинлаштириш барбод бўлиш хавфи остида турганидан хавотирланиш ошгани назарда тутилган.

Аввалроқ Эрдўған Сурия ҳудудидан Туркиянинг ракетадан ўққа тутилишига жавобан турк армияси ИШИД террорчилик гуруҳи позицияларига зарбалар беришни давом эттиришини маълум қилганди.  

Туркиянинг Килис шаҳри Сурия билан чегарада жойлашган ва охирги вақтлар тез-тез ракета зарбаларига учраб турибди.