Сиёсатшунос: Украина халқаро террорчилар учун базага айланди
ИШИД террорчилик гуруҳи жангарилари Украинада ўз фаолиятини кенгайтирмоқда. Шу кунларда Харьковда ливиялик муҳожир қўлга олинганида, унинг ёнидан граната ва мазкур гуруҳ адабиёти топилган. Шунга қарамай, унга нисбатан террорчилик фаолияти билан шуғулланиш эмас, ноқонуний қурол сақлаш айби қўйилган холос.
Сиёсатшунос Владимир Киреевнинг фикрича, Украина халқаро террористик ташкилотлар учун қулай жойга айланиб улгурган. "Бунинг эса, иккита сабаби бор", - дейди сиёсатшунос.
"Биринчидан, расмий Киев ва террорчиларнинг "раҳбарлари" айни кишилардир. Улар тактик муаммоларини ҳал қилиш учун "ўз" ҳудудларидан фойдаланмоқда. Яъни, жангарилар ва сиёсий бошқарувчиларни бир жойдан бошқа жойга сафарбар этишмоқда. Иккинчидан, Украина ва радикал жангарилар ягона душмани Россияга қарши бирлашишга мажбур бўлмоқда. Украин радикалларининг фикрича, улар бевосита Россияга қарши уруш олиб боришмоқда. Россия қуролли кучларининг Суриядаги ҳарбий амалиётларидан сўнг, ИШИД, "Жабҳат ан-Нусра" каби гуруҳлар ҳам Россияни ўз душманлари деб ҳисоблай бошлади", – деган Владимир Киреев Sputnik радиосига берган интервьюсида.
Сиёсатшуноснинг айтишича, ушбу икки асосий сабаблардан ташқари, яна бошқалари ҳам йўқ эмас. Хусусан, Украина террористик тузилмалар ва жангариларининг қонунийлашиши учун қулай муҳитга эга.
"Украина нимаси билан уларнинг эътиборига тушмоқда, деган ҳақли савол туғилади. Бу ерда янги қонуний ҳужжат олиш осон. Айниқса, 2014-15 йилларда сохта паспортга эга бўлиш қийинчилик туғдирмас эди. Ҳозир ҳам, яхшигина ҳақ эвазига Украина фуқаролигини олиш ва кейинчалик украин фуқароси сифатида Европага ҳам, Россияга ҳам бориш мумкин бўлади", – деб фикр юритган Киреев.
"Шунингдек, 2014 йилдан бери у ерда "Қрим", Шайх Мансур ва Жохар Дудаев номидаги жангарилар батальонлари мавжуд. Булардан ташқари, "Ҳизб ут-Таҳрир", "Мусулмон биродарлар" каби ташкилотлар, авваллари сохта ташкилот номи остида Қримда фаолият юритган, аммо яриморол Россия таркибига киргач, Украина ҳудудига ўтиб олган ва Херсон вилоятида ўз ҳудудини барпо этган", – деб ёдга олган Владимир Киреев.