Жамият | 18:32 / 07.05.2016
8932
1 дақиқада ўқилади

"Лестер" эгаси жамоанинг чемпион бўлганини нишонлаш вақтида катта пул ютиб олди

Англиянинг жорий мавсумдаги чемпиони "Лестер" клубининг эгаси, таиландлик миллиардер Вишай Шриваддханапрабха жамоасининг чемпион бўлганини казинода нишонлаш вақтида 3,2 млн евро ютиб олди. Бу ҳақда Eurosport хабар бермоқда.

Тадбиркор Лестердаги казинолардан бирида кўнгилхушлик қилган. У бу пулларни нимага ишлатиши айтилмаган.

Аввалроқ тадбиркор жамоа чемпионатда ғолиб бўлса, ҳар бир ўйинчига 41 минг евролик  Mercedes В синфидаги машинадан совға қилиш ва Лас-Вегасга саёҳат пулини тўлаб беришга ваъда берганди.

"Лестер" чемпионат тугашига 2 тур қолганда муддатдан аввал чемпионликни қўлга киритди. Жамоа ўзининг 132 йиллик тарихида биринчи марта Англия чемпиони унвонини қўлга киритди.

Шривадданапрабха 59 ёшли таиландлик тадбиркор бўлиб, King Power Duty Free компанияси асосчиси ва бош директори ҳисобланади. У жамоани 2010 йилда сотиб олган. Миллиардер Forbes журнали талқини бўйича, Таиланднинг энг бой одамлари орасида 9-ўринни эгаллайди.