Фан-техника | 19:47 / 07.05.2016
27781
5 дақиқада ўқилади

Sony компанияси ҳақида 10 ҳикоя

70 йил аввал, 1946 йилда Токио шаҳрида Tokyo Telecommunications Engineering Corporation (Totsuko) таъсис этилган. Ҳозирда у Sony Corporation дея номланиб, энг етакчи маиший ва профессионал электроника ишлаб чиқарувчиси ҳамда йирик медиахолдинг ҳисобланади. Унинг таркибига Columbia Pictures ва TriStars Pictures киностудияларини ўз ичига олган Sony Pictures Entertainment, Sony Music Entertainment овоз ёзиш компанияси ва бошқалар киради.

Бизнес нимадан бошланган

Корпорацияга физик Акио Морита ва муҳандис Масару Ибука томонидан "Токио цусин коге" (Токио телекоммуникацион муҳандислик корпорацияси) номи остида асос солинган. Бошланғич капитал 500 доллар атрофида бўлган, штатда 20 нафар ходим фаолият юритган. 1994 йилга қадар компанияга Акио Морита раҳбарлик қилган.

"Гуручли" старт

Электроника бозорига қўйилган биринчи қадам - электрон гуруч пиширгичнинг яратилиши бўлган. Лойиҳа унча муваффақият қозонмади - гуруч бир охиргача пишмай, бир ҳаддан зиёд пишиб кетиб, ишончни оқламади ва бу истеъмолчиларнинг норозилигига сабаб бўлди.

Даромад келтирувчи маҳсулот

1946 йилда компания иситувчи электр ёстиқлар ишлаб чиқарди, бу икки дўстга барқарор даромад олиб келди. Иккинчи машҳур маҳсулот электр грелкаси бўлиб, у компания томонидан серияли ишлаб чиқилди.

Муваффақият гарови

Корхона муваффақиятининг гарови транзисторга патент қўлга киритганлигидадир, бу компакт маиший электроника ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш имконини берди. 1955 йилда Sony Японияда биринчи TR-55 транзистор радиоси, 1961 йилда эса дунёда биринчи транзистор телевизорини ишлаб чиқарди.

Sony номи қандай келиб чиққан

Sony бренди (лотинча "sonus" - товуш ва "sonny boy " - кичик даҳолар) 1950 йилда пайдо бўлган. Компаниянинг японча - Totsuko номи америкаликлар учун талаффуз қилишга қийин бўлган ва шу боис компания уни ўзгартиришга қарор қилган.

Биринчи видеомагнитофон

1963 йилнинг июнида BBC телестудиясида Sony томонидан ишлаб чиқарилган биринчи - U-Matic номли видеомагнитофон намойиш қилинган. Маҳсулот 1969 йилда кенг оммага тақдим этилган. 1972 йилдан компания Betamax стандартини йўлга қўйган.

Walkman плеери

1979 йилнинг июлида Sony Японияда ўзининг Walkman номли, хорижда "Soundabout" деб номланган биринчи мусиқий плеерини ишлаб чиқарди. Қурилма мусиқа оламида жуда катта муваффақиятга эга бўлди. У одамларга хоҳлаган жойларида, атрофдагиларга халақит бермай мусиқа тинглаш имконини берди.

"Денгиз тўнғизи" ҳақида

Компаниянинг рамзи ходимларнинг бири томонидан совға қилинган денгиз тўнғизи бўлди. Sony транзисторлар учун "денгиз тўнғизи" деб номланган мақола чиққанидан сўнг унинг ҳайкалчаси пайдо бўлган. Ушбу тавсиф компания учун ишора сифатида хизмат қилган ва кейинчалик у ирода кучи ва янгиликларга ўчликни акс эттирган.

"Чорокко" нима

"Чорокко" (винил чавандоз) - винил пластинкаларда ҳаракатланувчи кичик ўйинчоқ микроавтобус. Қурилма Sony ходимларини янги ихтироларга руҳлантириб туриш мақсадида яратилган ва очиқ бозорга чиқмаган.

Sony бугун

Корпорация "Sony group" холдинги таркибига киради ҳамда уни бошқариш билан шуғулланади. У маиший ва профессионал электроника, шу жумладан аудио, видео ва телевизион техника, мобил телефонлар, яримўтказгичлар ва компонентлар, тиббий ускуналар ишлаб чиқаради.

Мураккаб даврлар

2000 йиллар охирида дунё электроника бозоридаги рақобатнинг кучайиши корпорация даромадларининг тушиб кетишига олиб келди: 2007-2014 йиллар мобайнида Sony олти марта йиллик камомадни қайд этган. Молиявий аҳволини яхшилаш мақсадида компания Нью-Йоркдаги Мэдисон-авеньюда жойлашган идораси биносини 1,1 миллиард долларга сотишга, бир неча ишлаб чиқариш филиалларини ёпишга ҳамда бутун дунё бўйлаб 10 минг ходимини қисқартиришга мажбур бўлган.

Sony корпорациясининг соф даромади 2015 молиявий йил якунларига кўра (2016 йилнинг 31 мартида ниҳоясига етди), 147,8 миллиард иенни (1,3 миллиард доллар) ташкил қилди. 2015 йилда 12,2 миллион телевизор, 24,9 миллион смартфон ва 17,7 миллион ўйин қурилмалари ишлаб чиқарилди. Ҳозирда компания ходимларнинг сони 130 минг нафарни ташкил қилади.