Жаҳон | 08:35 / 07.05.2016
5665
2 дақиқада ўқилади

Туркия суди жангариларга қурол-аслаҳа етказиб берилиши ҳақида гапириб берган журналистларга жазо ҳукмини чиқарди

Истанбул суди давлат сирини ошкор қилган журналистлар Жон Дюндар ва Эрдем Гулни қамоқ жазосига маҳкум қилди. Журналистлар Туркия томонидан суриялик жангариларга қурол-аслаҳа етказиб берилгани ҳақида маълумот беришган. Бу ҳақда Reuters ахборот агентлиги хабар берди. 

Cumhuriyet мухолиф газетаси бош муҳаррири Дюндар 5 йилу 10 ойга, шу газета мухбири Гул эса 5 йилга озодликдан маҳрум қилинди. Прокуратура умрбод қамоқ жазоси талаб қилган журналистлар бошқа бир қатор айбловлар, жумладан давлат тўнтариши содир этишга уриниш айблови бўйича оқландилар. 

Дюндар ва Гул Олий судда апелляция кўриб чиқилгунгача озодликда қоладилар.

Ҳукм чиқарилишидан бир неча соат аввал суд биноси олдида Дюндарга суиқасд уюштирилди. Қуролланган кимса журналистни "сотқин" деб атаб, уни отмоқчи бўлган. Журналист жабрланмаган, босқинчи қўлга олинган.

Дюндар ва Гул 2015 йил ноябрда суриялик жангариларга Туркия томонидан ноқонуний тарзда қурол-аслаҳа етказиб берилиши ҳақидаги мақолалари учун ҳибсга олинганлар. Журналистларга қуролланган террорчилик гуруҳларига хайрихоҳлик қилиш ва жосуслик бўйича айбловлар эълон қилинган. 

Туркия ҳукумати бу маълумотларни рад этгач, Туркия президенти Ражаб Тойиб Эрдўған журналистлар устидан судга даъво аризаси топширган. Эрдўған журналистларга умрбод ва яна қўшимча 42 йил қамоқ жазоси берилишини талаб қилган. Турли давлатлардан 100 нафар ёзувчи Туркия бош вазири Аҳмет Довудўғлу номига журналистлардан айбловларнинг олинишини сўраб мактуб йўллаган.