Жамият | 09:25 / 10.05.2016
8016
2 дақиқада ўқилади

Чироқчи туманида қурол олди-сотдиси билан шуғулланганлар узоқ муддатга озодликдан маҳрум этилди

2015 йилда жиноят ишлари бўйича Қашқадарё вилояти, Чироқчи туман судида Жиноят кодекси 248-моддасининг турли қисмларида назарда тутилган жиноятларни содир этган 10 нафар шахсга нисбатан жиноий иш қўзғатилди. Бу ҳақда “Ҳуқуқ” нашри ёзмоқда.

2015 йилнинг 21 февраль куни ўтказилган тадбирда тумандаги Оқчова қишлоғида яшовчи фуқаро Бойқулов қайнукаси Тўраев билан ўзаро жиноий тил бириктириб, ноқонуний равишда сақлаб келган ов қуролини 500 минг сўмга сотаётганда ушланган ва 7 йил муддатга озодликдан маҳрум этилган.

“Чиял” қишлоқ фуқаролар йиғини Ўрта қишлоғида яшовчи Алишер Бозоров эса 2015 йил март ойида марҳум бобосига тегишли уйни бузаётганида бир дона ўқотар қурол, 151 дона ўқ, 90 дона пистон, 1 дона гильза, 1 дона темир идишга солинган айланмасимон дроп ва порох топиб олган. Уларни тегишли идораларга топширмай, уйида сақлаб келган.

У қишлоқдошлари Р.Шодмонов ва О.Бозоров билан ўзаро жиноий тил бириктириб, 2015 йил 3 апрель куни тадбирда харидор сифатида иштирок этган фуқароларга қуролни 400 АҚШ долларига сотаётган вақтда ушланди. Суд туманидан ушбу шахслар узоқ муддатга озодликдан маҳрум этилган.