Жаҳон | 12:37 / 10.05.2016
3039
2 дақиқада ўқилади

Филиппин собиқ президентининг набираси президентлик сайловидаги ўз мағлубиятини тан олди

Филиппинда 9 май куни президентлик сайловлари ўтказилди. Овоз бериш натижаларига кўра, иккинчи ўринни эгаллаб келаётган Филиппин президентлигига номзод Мануэль Роҳас ўз мағлубиятини тан олди. Бу ҳақда Франс Пресс агентлигига асосланиб РИА Новости хабар қилди. 

Ороллар мамлакати президентлигига сайловда Родриго Дутэрте илдамлик қилмоқда. У 22 йил давомида Давао шаҳри мэри лавозимида фаолият юритган.

“Мэр Дутэрте навбатдаги президент бўлиши ойдек равшан”, - маълум қилди Роҳас. 

Бундан аввалроқ, Филиппин президентлигига номзод сенатор Грейс По сайловда ўз мағлубиятини тан олиб, Дутэртени муборакбод этган эди. 

Филиппинда президентлик сайлови битта турда якунланади: энг кўп овоз тўплаган номзод президент этиб сайланади. 

Президентлик сайловида мамлакат 100 миллионлик аҳолисининг ярмидан ортиғи иштирок этди. Давлат раҳбаридан ташқари, сайловчилар янги вице-президент, 300 нафар қонун чиқарувчилар ҳамда 18 минг маҳаллий амалдорларни сайлаши керак. Филиппин раҳбари постига 5 нафар номзод даъвогарлик қилмоқда. 

Франс Пресс агентлиги маълумотига кўра, сайлов куни номаълум жангарилар мамлакатнинг айрим ҳудудларида ҳужумлар уюштирди. Сўнгги хабарлар бўйича, бу ҳужумлар натижасида 10 киши қурбон бўлган.