Тошкентда “Фахрийларга таъзим!” деб номланган хайрия концерти ўтказилди
“Истиқлол” саройида “Фахрийларга таъзим!” деб номланган хайрия концерти бўлиб ўтди. Бу ҳақда “ЎзА” хабар бермоқда.
Ўзбекистон Республикаси Маданият ва спорт ишлари вазирлиги томонидан ташкил этилган концертга Иккинчи жаҳон уруши қатнашчилари ва фронт ортида меҳнат қилган фахрийлар, нуроний отахон ва онахонлар таклиф этилди.
Биз нуронийларга кўрсатилаётган меҳр ва ғамхўрликдан кўнглимиз тоғдек кўтарилиб, умримизга умр қўшилмоқда, – дейди Тошкентнинг Юнусобод туманидаги Тикланиш маҳалласида истиқомат қилувчи 80 ёшли Маҳаматсиддиқ Содиқов. – Қирқ йилдан ортиқ вақт мобайнида темир йўл тизимида меҳнат қилдим. Ҳозир фарзандларим, невара, эвараларим қуршовида кексалик гаштини сурмоқдаман.
Санъат усталари ва ижрочи ёшлар ижросидаги мумтоз куй-қўшиқлар фахрийларга хуш кайфият бағишлади.