Иқтисодиёт | 14:04 / 10.05.2016
6675
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонда 583та янги корхона 2016 йилнинг I-кварталида 270 миллион долларлик маҳсулот экспорт қилди

2016 йил бошидан буён Ўзбекистон экспорт фаолиятига 583та янги корхона жалб этилди. Улар 270 миллион доллардан ортиқ маблағда экспортни амалга оширди, экспортга 95та янги маҳсулот турлари тақдим этилди, 20та янги бозор нуқталарига экспорт маҳсулотлар етказиб берилди. 

Молия вазирлигининг Ўзбекистон ижтимоий-иқтисодий тараққиёти бўйича ҳисоботига кўра, 2016 йил биринчи кварталда ўтган йилнинг шу даври билан таққослаганда мева ва сабзавот маҳсулотлари (1,2 баробар), қора металл прокати (1,9 баробар), молибден маҳсулотлари (11 баробар), мис қотишмалари (1,8 баробар), аммоний сульфати (1,7 баробар), супрефос (2,6 баробар), полиэтилен (31 баробар) экспорт ҳажми ошган.

Амалга оширилган чора-тадбирлар натижасида 1-чорак якуни бўйича, ўтган йил айни пайт билан таққослаганда, маҳсулотлар экспорти ҳамда хизматлар ҳажми 100,1 фоизни ташкил этди.

Йил бошидан буён ўз маҳсулотларини ташқи бозорларга олиб чиқишда кичик бизнес субъектларини қўллаб-қувватлаш мақсадида маҳсулотлар экспортини рағбатлантириш бюроси томонидан 398та корхонага маслаҳат хизматлари кўрсатилди, стандартлаштириш, метрология, сертификация, аккредитация, маҳсулот экспорти ҳамда халқаро ва давлат талабларини киритиш соҳасида 29та халқаро келишув имзоланди. 

Кичик бизнес субъектлари ҳамда хусусий тадбиркорларни экспорт масаласида қўллаб-қувватлаш жамғармаси томонидан 250та субъектларга 250 миллион доллардан ортиқ миқдордаги маҳсулотлари экспортини ташкиллаштиришга амалий кўмак кўрсатилди.

“Ўзтадбиркорэкспорт” ташқи савдо компанияси орқали кичик бизнес субъектлари ва хусусий тадбиркорлар 150 миллион доллардан ортиқ миқдорда маҳсулот экспортини амалга оширди.