Жаҳон | 15:58 / 11.05.2016
3281
2 дақиқада ўқилади

Янги Зеландия бош вазири мамлакат парламенти мажлисидан чиқариб юборилди

Янги Зеландия парламенти спикери Дэвид Картер мамлакат бош вазири Жон Кейдан, мунозара олиб бориш қоидасига риоя этмагани учун палата кенгашини тарк этишни сўради. 

Хабарларга кўра, мухолифат вакиллари Кейнинг Greenpeace ташкилоти ҳам "Панама ҳужжатлари"да борлиги хусусида таъкидидан сўнг, у билан тортишиб кетишган. 

Greenpeace вакилининг нима учун узр сўрашни истамаётганлиги хусусида берган саволига бош вазир нима учун узр сўраши кераклигини кескин оҳангда билдирган. 

Сўз оҳанги кўтарила бошлаганда эса, палата спикери Кейнинг микрофонини ўчириб қўйган ва тортишув иштирокчиларини тартибга риоя этишга чақирган. Бироқ Кей рақибига нималардир, дея бақиришда давом этган. 

Шундан сўнг, парламент спикери бош вазирдан мажлислар залини тарк этишни сўраган. У, шунингдек, куни кеча бош вазир ахлоқ қоидасини бузгани учун огоҳлантирилганини ёдга олган. 

Таъкидланишича, Кей лавозимини бажаришни бошлаган 2008 йилдан бери илк маротаба парламент мажлисидан чиқариб юборилган. Аммо у мухолифат етакчиси бўлган вақтларида палата йиғилишидан 3 марта чиқариб юборилган эди.