Иқтисодиёт | 15:37 / 11.05.2016
6589
2 дақиқада ўқилади

«Асака» АТБ 15 фоиз акцияларини 58,47 млн долларга сотиш ниятида

«Асака» акционерлик тижорат банки "Тошкент" Республика фонд биржаси орқали 15 фоиз акцияларини хорижий сармоядорларга сотишни режалаштираяпти. Бу ҳақда UzDaily хабар бермоқда.

Банк маълумотларига кўра, хорижлик сармоядорлар тижорат банкининг 69 607 802 дона қимматбаҳо қоғозларини харид қилишлари мумкин. Акциялар тўпламининг бозор нархи 58,47 млн АҚШ долларига тенг.

«Асака» банки Ўзбекистон молиявий хизматлар бозорида 20 йилдан кўпроқ вақтдан бери фаолият кўрсатиб келяпти. У 1995 йил 7 ноябрида ташкил этилган. 

У капитал ҳажми бўйича Ўзбекистоннинг иккинчи йирик тижорат банки ҳисобланади. Унинг минтақавий тармоғи 26 та шохобча ва 86 та мини-банкни ўз ичига олади. "Асака" банки ўзини кенг қамровли анъанавий ва замонавий банк хизматларини таклиф этувчи йирик универсал молия-кредит институти сифатида намоён этади.  

Банкнинг жами активлари 2016 йил 1 апрель ҳолатига кўра, ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 2691,5 млрд сўмга ортиб, 8,1 трлн сўмни ташкил этди. 
Унинг умумий капитали 118,0 млрд сўмга кўпайиб, 955,7 млрд сўмдан иборат бўлди. 

Кредит ва лизинг ҳажми сўм кўринишда 3,9 трлнни ташкил этган. Кредит портфеллари орасида узоқмуддатли кредитлар асосий ўрин тутмоқда.