Бағдодда 11 май кунги терактлар қурбонлари сони 80 нафардан ортди
11 май куни Ироқ пойтахти Бағдод шаҳрида яна 2 марта порлаш содир бўлди ва камида 25 киши ҳалок бўлиб, 56 киши жароҳатланди. Натижада шу кунги жами 3та теракт қурбонлари сони 80 нафардан ортди.
Куннинг биринчи ярмида Бағдод шарқида, шиалар истиқомат қилувчи Мадинат-ас-Садр туманидаги бозор олдида бомба ўрнатилган автомобил портлатилганди ва 64 киши ҳалок бўлиб, 87 киши жароҳатланганди.
Бу теракт учун ИШИД жавобгарликни ўз зиммасига олди.
Куннинг иккинчи ярмида эса шаҳар шимолидаги Қадимия тумани ҳудудида иккинчи портлаш амалга оширилган. Натижада 15 киши ҳалок бўлиб, 33 киши жароҳатланган.
Кун давомидаги учинчи теракт шаҳар ғарбида, суннийлар кўпчиликни ташкил қиладиган тумандаги бозор ҳудудида юз берган. Бу теракт 7 кишининг ўлимига ҳамда 22 кишининг жароҳатланишига олиб келган.
Апрель ойи бошидан буён Бағдодда бир неча йирик терактлар амалга оширилди ва ўнлаб кишилар нобуд бўлди. Бугунги терактлар эса кўлами жиҳатидан охирги ойлардаги энг йириги бўлди.
Ироқ хавфсизлик хизмати Бағдод атрофида терактлар миқдори камайишига эришиш мақсадида девор қуришни бошлаган.