Фан-техника | 09:02 / 11.05.2016
4324
2 дақиқада ўқилади

Россияда ходимларнинг телефон суҳбатларини назорат қилувчи тизим ишлаб чиқилди

Наталья Касперскаянинг InfoWatch компанияси иш берувчиларга ходимларнинг телефон суҳбатларини назорат қилиш имконини берувчи дастур ишлаб чиқди. Бу ҳақда Коммерсантъ нашри хабар берди. 

InfoWatch таклиф этган ечим ходимларнинг мобил телефон орқали суҳбатларини тутиб олади. Бироқ суҳбат мазмунини машина ечади, бу эса, Наталья Касперскаянинг фикрига кўра, Россия фуқароларининг алоқа махфийлиги конституцион ҳуқуқларига зид келмайди. 

Касперскаянинг сўзлари бўйича, “буюртмачиларга танлов режими асосида фақат корпоратив сим-карталарнигина назорат қилувчи мослама таклиф этилади”.

InfoWatch раҳбари маълум қилишича, ходимларнинг бошқа сим-карталар орқали суҳбатлари, ёки ташриф буюрувчилар ва мижозларнинг сим-карталаридан амалга оширилган қўнғироқлар “мослама томонидан четлаб ўтилади ва уяли алоқа стандарт база станцияларига йўналтирилади”. 

Нашр хабарига кўра, InfoWatch тегишли органлардан, қолаверса, Роскомнадзордан, компаниянинг ишланмаси мумкин бўлмаган маълумотларни олиш воситаси эмаслиги тўғрисида рухсатнома олиш ниятида.