Ъ: Польша АҚШ ва Россиянинг ҳаво ва сувда тўқнашувларининг олдини олиш тарафдори
Польша ҳукмат вакиллари Америка ҳамда Россиянинг самолёт ва кемаларининг ҳаво ва денгизда тўқнашувлари олдини олишда Европа Хавфсизлик ва Ҳамкорлик ташкилоти (ЕХҲТ) аҳамиятини кучайтириш ташаббусини билдирди. Бу ҳақда Коммерсантъ хабар қилди.
Маълум қилинишича, сўнгги вақтларда АҚШ ҳарбий-ҳаво кучлари Болтиқ денгизининг жанубий қисмига разведкачи самолётлар парвози сонини кўпайтирган: 9 майнинг ўзида Калининград яқинида икки марта қайд этилди.
Москвада эса бундай ҳаракатлар “россиялик ҳарбийларни жавоб ҳаракатларга ундаши”ни билдиришди.
“Мазкур ҳолатлар билан боғлиқ хавф даражаси ҳамиша юқори. Натижада, ҳеч бўлмаса, давлатлараро сиёсий алоқалар кескинлашади. Ўринсиз қарама-қаршиликларни ҳам юзага келтириши мумкин”, - маълум қилди халқаро ташкилотлар қошидаги Польшанинг Венадаги доимий вакили Адам Бугайский.
Бугайский 2011 йилда Европа Хавфсизлик ва Ҳамкорлик ташкилоти доирасида ишончни мустаҳкамлаш ҳамда хавфсизлик чора-тадбирлари тўғрисидаги Вена ҳужжати тасдиқланганини эслатиб ўтди.
Варшавада ташаббусни ривожлантириш зарурлигини билдиришди. Жумладан, “барча иштирокчи-давлатларларнинг тегишли координацион (мувофиқлаштириш) марказлари ўртасида ишчи алоқаларни яхшилаш ва тезлаштириш”, “Мамлакатлар - ЕХҲТ аъзолари томонидан хавфли ҳарбий ҳолатларга олиб келиши мумкин бўлган ҳар қандай ҳаракатлардан тийилиш мажбуриятини қабул қилиш” ҳамда у ёки бу эпизодларда вазиятни ўрганиш учун “зарурат туғилганда ЕХҲТ махсус миссиясини ташкил этиш” каби мақсадлар ҳақида сўз юритилмоқда.
Бугайскийнинг айтишича, Варшава ташаббусини етти мамлакат, хусусан, Болтиқ бўйи давлатлари қўллаб-қувватлаган.