Жамият | 10:51 / 11.05.2016
5152
2 дақиқада ўқилади

Тайван метросида 2 йил олдин одамларни қирпичоқ қилган 23 ёшли талаба қатл этилди

2 йил муқаддам Тайван маркази Тайбэйдаги метрода одамларга пичоқ билан ҳужум қилган талабага чиқарилган ўлим ҳукми ижро этилди. Орол давлат Адлия вазирлиги хабарига кўра, жиноятчи 11 майга ўтар кечаси отиб ташланган.

Бундан олдинроқ суд 23 ёшди Чжэн Цзени 4 кишининг ўлимида ва 22 кишининг жароҳатланишида айбдор деб топганди.

Фожиа 2014 йилнинг майида содир бўлган, ўшанда метро вагонида ўтирган ёш йигит ёнидан пичоқ чиқарган ва атрофдаги одамларга тиғни тартибсиз равишда суқа бошлаганди. Кейинроқ у Тайчжун университети талабаси экани аниқланган. Ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари унинг алкоголь ёки наркотиклар таъсири остида бўлгани ҳақидаги хабарларни рад этди.

Чжен Цзе ўз жиноятини унинг анчадан буён «йирик ва ҳайратга соладиган зарба» бериш ғоясини ўйлаб юргани билан изоҳлади. Талаба айбига иқрор бўлган бўлса-да, ўз қилмишидан заррача ҳам афсусда эмаслигини билдирди.

5 март куни чиқарилган ўлим ҳукмини у "пинагини бузмаган ҳолда" тинглади. 

22 апрель куни Тайван олий суди суд ҳукмидан шикоятни қабул қилмади ва ҳукмни ўз кучида қолдирди.

Тайванда ўлим ҳукмига рухсат берилган бўлсада, ундан жуда кам ҳолларда фойдаланилади. Шу вақтгача оролда 42 марта ўлим ҳукми ижро этилган.