Иқтисодиёт | 12:50 / 11.05.2016
12491
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ишлаб чиқарувчилари ва тайёрлаш ташкилотларига нисбатан жарималарни кескинлаштирди

Ўзбекистон давлат эҳтиёжлари учун маҳсулотларни режага мувофиқ етказиб бермаган қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштирувчи, маҳсулотларни қайта ишловчи ва тайёрлов ташкилотларга нисбатан жарима чораларини кучайтирди. 

Хусусан, Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамасининг 2016 йил 28 апрелдаги қарорига кўра, агар фермер хўжалиги шартномада кўрсатилган маҳсулотларни турлари ва муддати бўйича сабабсиз тўлиқ топшира олмаса, тайёрлов ташкилотига топширилмаган маҳсулот нархининг 30 фоизи (аввалгиси 25 фоиз) миқдорида жарима тўлашига тўғри келади. 

Ўз навбатида, тайёрлов ташкилоти ҳам шартномага мувофиқ фермер хўжалиги маҳсулотини қабул қилишдан бош тортса, хўжаликка 30 фоиз (аввалгиси 25 фоиз) жарима тўлайди. 

Бундан ташқари, тайёрлов ташкилотлари топширилган қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари учун асоссиз равишда ўз вақтида ҳақ тўламагани учун жарима миқдори 15 фоиздан 20 фоизга оширилган. 

Ҳужжатда аниқлик киритилишича, хўжалик давлат эҳтиёжлари учун маҳсулот етказиб бериш шартномасини бажара олмаслигига оид таваккалчиликни суғурта қилиши мумкин. 

Умуман, Ўзбекистонда давлат буюртмаси бўйича пахта ва буғдой сотиб олинади. 2016 йилдан эса, 4 млн тонна миқдорида мева-сабзавот маҳсулотлари етказиб бериш ҳам давлат буюртмаси рўйхатига киритилган.